Хусусан, Термиз давлат университети ректори, профессор Авазжон Мараҳимов бошчилигидаги делегация аъзолари Малайзиянинг нуфузли Перлис, Утара ҳамда Теренггану университетларида бўлиб, мазкур ОТМлар билан яқиндан танишди. Учрашувлар давомида ўқитувчи-талабалар алмашинуви, шунингдек, турли илмий лойиҳалар, ўзаро ҳамкорлик бўйича шартномалар имзоланди.

Дастлаб Перлис университетида бўлган делегация аъзолари учрашув чоғида иккала ОТМ ўртасида профессор-ўқитувчи ҳамда талабалар алмашинуви дастурлари, илмий-инновацион йўналишларда нуфузли анжуманлар ташкил қилишни муҳокама этишди. Илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, магистрант, таянч докторантларнинг илмий ишларига ҳамкор хорижий олий таълим муассасаларидаги етакчи олим-профессорларни жалб этиш каби қатор масалаларда ўзаро келишувга эришилди.

– Малайзиядаги Перлис университети дунё олий ўқув юртлари «Топ-1000» рейтингида 801-ўринни эгаллаган. Перлис билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш университетимизни дунёнинг энг ривожланган олий таълим муассасалари «Топ-1000» рейтингига кириш йўлидаги ишларимизнинг узвий давомидир, – дейди ректор А.Мараҳимов.

Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари малайзиялик талабалар учун ўқув-семинар машғулотларини ҳам ўтказишди. Жумладан, ТерДУ ректори сунъий интеллект истиқболлари ҳамда унинг ривожланиш тенденциялари ҳақида маъруза қилди. Амалий математика ва информатика кафедраси мудири, профессор Чори Нормуродовнинг «Наве-Стокс тенгламаларини уюрма-ток функцияси тизимида сонли моделлаштириш» мавзусидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Сўнгра ТерДУ ректори Сурхондарё вилоятидаги йирик олий таълим муассасаси фаолияти, кейинги йилларда таълим сифатию самарадорлигини оширишга қаратилаётган эътибор, соҳадаги янгиликлар, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ҳамда эришилаётган ютуқларга доир тақдимотларни ўтказди.

Делегация аъзолари Малайзиянинг Утара университетида яратилган шарт-шароит, у ердаги илм-фанга оид янгиликлар билан ҳам танишди. Утара 2001 йилда ташкил топган бўлиб, 2023 йилда ҚС агентлигининг «Топ-1000» университетлари рўйхатида 401 – 500-ўринни эгаллаган. Делегация мазкур университетнинг замонавий, қулай ва ёруғ, шинам кутубхонаси билан танишди. У ерда талабалар илмий-оммабоп, бадиий китобларни ўқиб-ўрганишлари, келажакда етук мутахассис бўлиб етишиши учун қулайликлар яратилгани алоҳида эътироф эътилди.

Навбатдаги ташриф Малайзиянинг Теренггану университетига бўлди. Термиз давлат университети ректори Малайзиянинг Теренггану университети ректори, профессор Мазлан бин Абд Гаффар билан учрашди. Учрашув давомида профессор-ўқитувчи, докторант, талабалар алмашинувига эришиш, илмий лойиҳалар устида ишлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик бўйича шартномалар имзоланди.

Айтиш керакки, мазкур келишувлар таълим тизимида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, университетлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Термиз давлат университети хориждаги 50 дан ортиқ нуфузли университетлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Эндиликда улар сони яна 3 тага кўпайди.

ТерДУ Ахборот хизмати.

Реклама