3 декабрь куни онлайн учрашув бўлиб ўтди, унда иштирокчилар тадқиқотнинг асосий босқичлари ва вазифаларини муҳокама қилдилар.
Лойиҳа Термиз шаҳридаги атмосфера ҳавоси ҳолатини батафсил ўрганиш, ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган. Олинган маълумотлар бизга ҳаво сифатини мониторинг қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва шаҳарнинг барқарор ривожланиши учун самарали воситаларни яратишга имкон беради.
Тадқиқотда минтақадаги ҳаво сифатига сезиларли таъсир кўрсатадиган "афғон шамоли", қум ва чанг бўронларининг таъсирига алоҳида эътибор қаратилади. Атмосфера сифатини мониторинг қилиш ва моделлаштириш бўйича жаҳон тажрибасига эга Финляндия метеорология институти техник ва илмий ёрдам кўрсатади. UNEP лойиҳани мувофиқлаштириш ва натижаларни атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш бўйича минтақавий ва глобал ташаббусларга интеграциялашувини таъминлайди.
"2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу лойиҳа ҳукуматнинг экологик барқарорликни таъминлаш ва фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга бўлган интилишини ўзида акс эттиради. Ишончимиз комилки, ўрганиш натижалари самарали қарорлар қабул қилиш учун асос бўлади”, — деди Экология вазирлиги Экология сиёсати департаменти бошқармаси бошлиғи F.Sattorov.
Тадқиқот натижалари 2025 йилда жамоатчиликка тақдим этилади. Натижалар асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, саноат корхоналари ва бошқа манфаатдор шахслар учун тавсиялар ишлаб чиқилади.