Тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида очиқ мулоқот платформаларини ташкил этиш ҳисобланади.
Тошкентда давом этаётган Ўзбекистон — Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тадбирни очиб бераркан, илк каломини қирғиз тилида ифодалаганда, қўшни давлатдан келган меҳмонларнинг қизғин олқишларига сазовор бўлди.
Шундан сўнг С.Умурзоқов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб, сўнгги йилларда ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётганини таъкидлаб, бугунги бизнес форуми ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиши, келгусида самарали натижаларга эришишда асос вазифасини ўташига ишонч билдирди.Шундан сўнг Қирғиз Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Улукбек Кармишаков сўзга чиқиб, мазкур анжуманнинг икки қардош халқ учун беқиёс аҳамияти, келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар хусусида тўхталди.