Мазкур замонавий ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд мамлакатимиз темир йўл тизимида янги босқични бошлаб берди.

Янги поезд соатига 250 километргача тезликда ҳаракатланиб, аввал 14 соат давом этган масофани 7,5 соатда босиб ўтади. У Самарқанд ва Бухоро орқали ўтиб, тарихий шаҳарларни ўзаро боғлайди. Бу эса нафақат аҳоли учун, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам катта қулайлик яратади.

Мазкур лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлиб, соҳада рақамлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий поездлар харид қилиш ишлари изчил давом этмоқда.

—  Бугунги кунда темир йўл соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Янги поездлар, рақамли хизматлар ва қулайликлар — буларнинг барчаси йўловчилар манфаатига хизмат қилади деди, — бошқарув раиси биринчи ўринбосари Ҳикматулла Рахметов .

Тадбирда иштирок этган Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён  мазкур лойиҳани юқори баҳолаб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу каби замонавий транспорт ечимлари мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди.

“Жалолиддин Мангуберди” поезди нафақат транспорт тизимидаги янгиланиш, балки мамлакатнинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган муҳим қадамдир.

З. Акбарова

Л. Ибрагимов