Маълумки, Корея кўмагида Тошкентда Кўп тармоқли болалар шифохонаси қуриб битказилган. У бўлажак онкологик маркази ва бошқа объектлар билан бирга юртимизда замонавий соғлиқни сақлаш тизимига халқаро ёндашув намунасини яратадиган тиббиёт кластерининг асоси бўлиб хизмат қилиши мумкин.

«Корейс модели бўйича тиббиёт кластерини ташкил этиш режасига, шунингдек катталар учун Кўп тармоқли шифохона, янги тиббиёт ОТМ, ётоқхона ташкил этиш ҳам киради. Ундан ташқари, у ерда келажакда тиббиёт соҳасида тадқиқотлар билан шуғулланадиган, шу жумладан, янги дори воситалари яратадиган «Research and Development Center» (Тадқиқотлар ва ишлаб чиқариш маркази) ҳам бўлиши керак. Буларнинг барчаси, биргаликда «Тиббиёт кластери» тушунчасини ташкил этади», — дея таъкидлади учрашув давомида Ўзбекистонда Корея модели асосида Миллий онкологик марказ тузиш лойиҳаси менежери доктор Чой Джае Вук.

Корея томонидан тақдим этилган лойиҳа менежерининг бу ғоялари миллий палата томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришга инновацион ёндашувни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ўзига вазифа деб билган Миллий палата бу каби лойиҳаларнинг амалга ошишига кўмаклашишга тайёр.

Томонлар клиник муассасаларни, олий таълим муассасасини, шунингдек илмий тадқиқотлар ва ишлаб чиқаришни ўз ичига оладиган кластер яратиш деталларини муҳокама қилдилар. Фақат мана шунга асосан билимларнинг узвийлигини сақлаб қолиш мумкинлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.