Лойиҳага кўра, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб тиббиёт йўналишида кадрлар тайёрлаш тизимида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.
Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотларининг бакалавриат йўналишларида оширилган тўлов-контракт асосида қабул қилиш тартиби бекор қилинади. Бу қарор қабул жараёнида сифат мезонларини кучайтиришга қаратилгани билан изоҳланмоқда.
Бакалавриат, резидентура (клиник ординатура) ва магистратура мутахассисликларида:
- шифокор мутахассисликлари учун минимал ўтиш бали — 70 фоиз;
- ўрта тиббий ходим мутахассисликлари учун — 60 фоиз этиб белгиланади.
Мазкур талаб ҳар бир ўқув модулини ўзлаштиришда ҳамда давлат имтиҳонларида қўлланилади.
Аҳоли орасида энг кўп учрайдиган ва ўлим хавфи юқори бўлган касалликлар ҳамда ҳолатлар бўйича ажратиладиган кредит соатлари кўпайтирилади. Бу амалиёт клиник тайёргарликни реал эҳтиёжларга мослаштиришни назарда тутади.
Таълим жараёнига:
- илмий тадқиқотлар ва далилларга асосланган тиббиёт услубиёти, симуляцион марказларда амалий кўникмаларни ўзлаштириш мажбурий тартибда жорий этилади.
Тор соҳа мутахассислиги фақат резидентура ва магистратура орқали шифокорлар учун тор ихтисосликлар бўйича бирламчи ва қўшимча ихтисослаштириш эндиликда фақат резидентура (клиник ординатура) ва магистратура орқали амалга оширилади.
Қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари орқали тор соҳа мутахассислиги бериш тартиби бекор қилинади (қўшимча ёки чуқурлаштирилган тайёргарлик бундан мустасно).
Шунингдек, бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари — интернатура қабул қилиниши ҳам бекор қилинади.