2020 йил 11-12 декабрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббиёт ОТМлари талабаларининг «Самарқанд – 2020» халқаро онлайн олимпиадаси ўтказилди.

Халқаро онлайн олимпиадада Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон тиббиёт ОТМларининг жами 27 та талабалар жамоаси, якка қатнашувда 40 та ОТМдан 2 000 нафардан зиёд талаба қатнашди.

Жамоалар томонидан тақдим қилинган ижодий иш ва маърузалар Жанубий Корея, Япония, Полша, Беларус, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий-текшириш институтлари етакчи олимлари, профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳайъат томонидан баҳолаб борилди.

Шуъбаларда тиббиёт фундаментал ва клиник фанлари, жумладан одам анатомияси, хирургия, стоматология, акушерлик ва гинекология, суд тиббиёти, юқумли касалликлар, терапия, кардиология, травматология, ортопедия ва шу каби бошқа йўналишларда долзарб масалаларга бағишланган инновацион ишланмалар тақдим қилинди, деб хабар беради Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.