Бугун Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташкил этилди.

 Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.

 Аммо, маънавият тарқатувчи, аслида тил қоидаларини пухта билиш керак бўлган айрим журналист ва блоггерларимизнинг тилга бўлган муносабати, стилистик ва имло хатоларига тўла мақолалари кишини ўйлантириб қўяди. Бу масалада Нажот Нурнинг “Мен журналист эмасман, деган баҳона ўринсиз, чунки сиз оммага ахборот бераяпсизми, демак адабий ўзбек тилида муомала қилишингиз ва ёзишингиз шарт”, деган фикрига мутлақ қўшиламан.

Бундайларга нисбатан буюк ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги ҳикматли сўзларини айтгинг келади:

 “Тилга кучи ета олган – донишманд

 Сўзга эрк берган – пасткаш аҳмоқ”

 Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ва Республика маънавият ва маърифат маркази ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳри туманларида “ташқи реклама ва пешлавҳалар” мониторинги ўтказилиб, уларнинг “Давлат тили ҳақида”ги ҳамда “реклама тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги мунтазам ўрганилиб борилади. Ўрганиш ишлари кўчалардаги умумий реклама ва пештахталар, бозорлардаги реклама ва пештахталар, ўқув муассасалари, марказлари ва китоб дўконларидаги реклама ва пешлавҳалар, давлат тасарруфидаги ташкилот ва корхоналардаги пешлавҳаларни тил қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида олиб борилади.

 Ўрганишлар жараёнида ўзингизни Тошкентда эмас, чет элда юргандек ҳис қиласиз. Шунча тарғибот ишлари олиб борилаётганига қарамай, ҳамон чет тилдаги реклама ва пешлавҳаларни учратасиз.

    Айниқса, болаларимизга илму-маърифат тарқатаётган билим масканлари –айрим ўқув муассасалари, китоб дўконларидаги реклама ва пешлавҳалар ҳам қусурлардан ҳоли эмас. Шу ўринда, Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асарида келтирилган мана бу сатрлар ёдиққатимизни қаратайлик:

 "Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар".

Демак, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг авайлаб сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат ва анъаналарини сақлайди.

Хулоса ўрнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз”, ёки "Янги Ўзбекистон стратегияси" китобларидаги қуйидаги иқтибосларга эътиборингизни қаратмоқчиман:

"Мен бугун азиз болаларимизга мурожаат қилиб, ХХ аср бошида олти тилли - ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган аллома Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: "Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир".

Фозил СУЛТОНОВ,

Республика манавият ва маърифат маркази масъул ходими