Бу ҳақда стоматология клиникалари тармоғи бош шифокори, имплантолог Артем Харламов айтиб ўтди.
Шифокорнинг айтишича, оч қоринга сақич чайнаш гастрит ва ошқозон ярасига олиб келиши мумкин. Айниқса, оч қоринга ва 10-15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида сақич чайнаш мазкур касалликларнинг юзага келиш хавфини оширади. Бундан ташқари, узоқ вақт сақич чайнаш пайтида маҳсулотда мавжуд бўлган шакар кариес ривожланишига олиб келади, шунинг учун шакарсиз сақич чайнаш керак.
“Сақич таркибидаги бўёқлар, сунъий қўшимчалар ва таъм берувчи моддалар аллергия келтириб чиқариши ва организм учун заҳарли бўлиши мумкин. Шунинг учун сақич ҳомиладор аёллар ва болаларга тавсия этилмайди”, деди шифокор.
Мутахассиснинг фикрича, ютилган сақич каучук асоси туфайли қийин ҳазм бўлади. Шуни ёдда тутиш керакки, сақич фақат қўшимча гигиена маҳсулотидир ва кундалик чўтка, тиш пастаси ва ип ўрнини боса олмайди.
Бундан ташқари, жағ бўғими, милк, тиш касалликлари билан оғриган беморлар умуман сақич чайнамасликлари керак, деди шифокор.
Харламовнинг қўшимча қилишича, сақич оғиз бўшлиғи саломатлиги учун ҳам фойдалидир. У сўлак ажралишини рағбатлантиради, чайнаш пайтида массаж қилиш орқали милклардаги қон оқимини яхшилайди, шунингдек, оғизда ёмон ҳид пайдо бўлишининг олдини олади.
Шифокор сақич овқат ҳазм қилиш ширасининг секрециясини рағбатлантиришини, бу озиқ-овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беришини ва асаб тизимини бўшаштириб, стресс ҳолатини енгиллаштиришини таъкидлади, деб хабар беради mir24.tv.