Мамлакатимизда барча соҳалар бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида ислоҳ қилинмоқда. Таълим соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. зеро, бозор иқтисодиётининг ўз қонуниятлари бор. унда талаб ва таклиф тамойили асосий аҳамиятга эга. Бу эса, ўз навбатида, таълимнинг барча босқичида ана шу тамойилга амал қилишни талаб этади. Бунинг тасдиғини Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ҳар икки тарихий ҳужжат ҳам аҳолининг турмуш даражасини ошириш, таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида таълим сифатини ошириш ҳамда соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Айниқса, 2023 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларга иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарни ўргатиш амалиётининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши қувонарли ҳол. Бу, ўз навбатида, жойлардаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш, таълим муассасаларида бепул тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Айни шу мақсадда давлат бюджетидан 79,5 миллиард сўм ажратилган. Ҳозир тўгараклар йўналишини аниқлаш бўйича ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилмоқда.

Ўтган йили “Баркамол авлод” болалар мактабларининг бюджетдан ташқари ишлаб топган маблағи 751 миллион сўмни ташкил этди. Ўқувчиларда касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш учун умумтаълим муассасаларида 100 мингта тўгарак ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Тўгаракларни очишда талаб ва таклиф кўп бўлган ахборот-коммуникация технологиялари, IT инжиниринг, таржимонлик каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тўгарак машғулотларида ҳам инновацион методлардан фойдаланилмоқда. Айни пайтда етти йўналишда 80 га яқин номдаги тўгарак фаолият кўрсатяпти. Ҳар бир йўналиш учун махсус ўқув дастури ва қўлланмалар ишлаб чиқилган. Жумладан, Зомин туманидаги ўқувчи ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш марказида 21 турдаги тўгарак бор. Уларнинг ҳаммаси ўқув дастури, STEAM таълими бўйича дастур ва қўлланмалар билан таъминланган.

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари у ерга бориб маҳорат дарслари ўтади. Тўгараклар йўналишини кўпайтириш мақсадида Маданият ва туризм вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Киноарбоблар ижодий уюшмаси, Бадиий академия, “Ҳунарманд” уюшмаси, Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон таэквондо ITF миллий ассоциацияси каби 20 дан зиёд халқаро ва  маҳаллий идора, ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Улар билан бирга форум, конференция, давра суҳбати, семинар ва ўқув-тренинглар ташкил этилади, ўқув дастури ва қўлланмалар ишлаб чиқилади, тўгаракларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади. “Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳузурида директорлар кенгаши ташкил этилди. Унинг фаолияти, асосан, ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, сифат ва самарадорликни ошириш, таълимнинг узлуксизлиги, изчиллиги ва илмийлигини таъминлашга қаратилади.

Кенгаш Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Жиззах, Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини ривожлантириш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш учун амалий-услубий ёрдам кўрсатди, семинар-тренинглар ташкил этди. Айни пайтда ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Шу боис, уларни ёшларимизга мукаммал ўргатиш ва амалиётга татбиқ этиш кўникмаларини шакллантириш давр талабидир.

ШҲТнинг мамлакатимиздаги Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ёшлари фан-техника тараққиёти асрида” онлайн кўрик-танлови ташкил этилгани ўқувчиларда техник ижодкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда “Баркамол авлод” болалар мактаблари ахборот-коммуникация технологиялари бўйича мутахассисларининг малакаси ошириляпти. Уларда замонавий билим ва кўникмалар шакллантириляпти. Натижада замонавий турдаги дастурлаш тўгаракларини очиш имконияти пайдо бўлди.

Ўргатиш жараёнида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, йигит-қизларда ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак инсоний фазилатларни уйғотиш ҳам зарур. Шу мақсадда ўтган йили мактабларимизда тўгарак аъзолари учун 20 та кўрик-танлов ташкил этилди. Тўгараклар сони, йўналиши ва қамровини кўпайтириш асосий вазифаларимиз сирасига киради.

“Баркамол авлод” болалар мактаблари мутасадди ходимларининг маҳалла ва умумтаълим мактаблари бўйлаб қилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 7 минг 203 та тармоқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Уларга қарийб 176 минг 400 ўқувчи қамраб олинди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг 163 та тармоқ тўгараги очилди.

Имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш учун махсус мактаб-интернатларда ҳам 330 та тўгарак ташкил этилиб, уларга 9 мингдан ортиқ ўғил-қиз жалб этилди. Мактабларимизда ўқувчилар қамровини ошириш, уларга қўшимча рағбат бериш, муайян соҳа ва касбга йўналтиришнинг янги имкониятларини топиш ва амалда татбиқ этиш асосий мақсадларимиздан. Ўтган йили “Шарқ аёли” халқаро хотин-қизлар жамоат фонди билан ҳамкорликда халқаро грантлар ажратилди.

Мазкур лойиҳа асосида бугун тўгаракларимиз аъзоларидан 61 нафари хорижий университетларда таҳсил олмоқда. Давлат дастурида белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишга кўмаклашиш жорий йилдаги асосий вазифаларимиз сирасига киради. Унинг асосида йил бошида белгилаган чора-тадбирларимизни қайтадан кўриб чиқамиз ва унга мослаштирамиз.