Трибунадаги томошабинлар умумий сиғимнинг ярмидан ошмаслиги керак. Мусобақаларни фақатгина Япония фуқаролари жонли равишда томоша қилишлари мумкин, чет эллик мухлислар Олимпиада баҳсларига қўйилмайди.
Ташкилий қўмитанинг бундай чекловларни жорий этишидан кўзланган мақсад, коронавирус пандемиясининг олдини олишдан иборат. Аввалроқ, Япония бош вазири Йошихиде Суга Covid-19 хавотири туфайли пойтахтда фавқулодда ҳолат жорий этилса, Олимпия ўйинларини мухлисларсиз ўтказилиши мумкинлигини айтган эди.
Токио-2020 ўйинларини кейинга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин Олимпия ўйинлари учун деярли 4,5 миллион, Паралимпия ўйинларига эса миллионга яқин чипта сотилган эди. Декабрь ойида ташкилотчилар чипталарнинг маълум қисми қайтариб олинишини эълон қилишди, аммо бу ҳолатда ҳам қолган чипталар сони стадионда рухсат этилган ўриндиқларга қараганда анча кўпни ташкил этади. Шу сабабли ташкилий қўмита ўйинларга ташриф буюриш ҳуқуқи учун лотерея ўтказилишини истисно этмаяпти.
Ташкилотчилар спортчилар ва мухлислар учун хавфсиз муҳитни таъминлайдиган қатъий қоидаларни жорий этишга ваъда беришмоқда. Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бахнинг айтишича, Олимпия шаҳарчаси аҳолисининг 80 фоизидан кўпроғи эмланади. Спортчиларга мухлислар билан алоқада бўлиш тақиқланади. Агар улар қоидаларни бузишса, шу жумладан кунлик коронавирус текширувидан ўтмаса ва ниқоб тақиб юриш қоидасини бузса, мусобақалардан дисквалификация қилинади.
Бироқ, ҳамма ҳам ташкилотчиларнинг оптимистик қарашларига қўшилмаяпти. Боиси, аввалроқ Япониянинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори даражадаги расмийлари томошабинларга тўлиқ тақиқ қўйиш ўйинлар учун энг мақбул ечим бўлишини айтишган эди.
Ўтган ой Япония бош вазири Токио ва яна саккизта префектурадаги коронавирус ҳолатлари билан боғлиқ вазият изга туша бошлагани учун ушбу худудларда фавқулодда ҳолатни бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 Олимпия ўйинлари 23 июлдан 8 августгача бўлиб ўтади. Унда сайёрамизнинг 205 давлатидан 12500 нафар атлет ғолиблик учун кураш олиб боради.
Маълумот учун: Токио шаҳри Олимпиада мезбонлиги учун Испаниянинг Мадрид ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳарлари билан рақобатда ғолиб чиққан эди.