Президент қарорига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар:

олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида фақат давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларини белгилаш;

тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш. Бунда, тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги лозим;

иқтидорли талабаларни нодавлат олий таълим ташкилотларида ҳам давлат гранти асосида ўқитиш;

алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим соҳаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартибини жорий қилиш бўйича Ҳукуматга асослантирилган таклифларни киритади.

Шунингдек, хотин-қизларга қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосида квота ажартилади. 

Президент қарори билан 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:

 Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.

Спорт фаолияти бакалавриат таълим йўналишида ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди

Президент қарори билан спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди.