Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази платформаларида жамоатчилик мониторинги ҳамда жамоатчилик эшитувлари мунтазам ташкил этилиб келинмоқда.

Тадбирда вазирликнинг фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар, уларнинг жойлардаги ижро ҳолатининг сифати, тўлиқлиги ва кўлами таҳлили асосида масъуллар томонидан ҳисобот тақдим этилди.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш жараёнлари юзасидан батафсил ахборот берилди. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та Фармони, 9 та қарори, шунингдек, улар асосида қабул қилинган Ҳукуматнинг 3 та қарори ижроси аҳволи ўрганилди.

Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали келиб тушган 540 та (1 та қонун, 97 та Фармон, 279 та қарор, 10 та фармойиш ва 153 та баён) ҳужжатлардаги 2 минг 446 та назоратга олинган бандларнинг 2 минг 120 таси бажарилгани, шу жумладан, 306 та топшириқ муддатидан кеч бажарилгани, 324 таси ижро жараёнида, 3 та топшириқнинг ижро муддати ўтганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, оммавий равишда ишдан бўшатилган (бўшатилаётган) ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарали ташкил этилмаганлиги, иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва иш ўринларини захирага қўйиш ишлари қониқарсиз равишда ташкил этилганлиги, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича етарли чоралар кўрилмаган. Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига уйлар ажратилмасдан келинаётганлиги, шунингдек, мигрантларга ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун микроқарз бериш тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги ва бошқа шу каби долзарб масалалар юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўралди.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчиларининг саволларига вазирлик мутасадди раҳбарлари томонидан жавоб берилди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юклатилган топшириқларнинг ижросини самарали таъминлаш, белгиланган мақсадларга эришишнинг барча чораларини кўриш бўйича устувор вазифалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик билан фаол мулоқот олиб бориш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.