Фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларни ҳал қилиш бўйича олиб борилган амалий ҳаракатлар давомида кўплаб фуқароларнинг муаммолари ўз ечимини топмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Тўрткўл туман сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабуллар давомида тумандаги кўплаб ёшлар ва аёлларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Тўрткўл туманида ўтказилган тадбирда мурожаатлари ҳал бўлган ёшларга 20 та энг сўнгги русмдаги замонавий тикув машинаси, 20 та пайвандлаш ускунаси, 5 та ноутбук, 4 та печка ва 4 дона миксер берилди. 11 нафар ёшларга бир марталик моддий ёрдам берилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”даги 39 нафар аёлга мини-печлар, 20 нафар аёлга бир марталик моддий ёрдам берилди.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича йўлланмалар берилган бўлса, туман Халқ банки ва Микрокредитбанки томонидан кредит масалалари ҳал қилиниб, ўз ишини бошлаш арафасидаги ёшлар ва аёлларга махсус сертификатлар, беш нафар ёшларга мотокультиватор топширилди.

Фуқаролар мурожаатлари эътиборсиз қолмаётгани ҳамда муаммолари ҳал бўлаётганидан мамнун.

Тадбир якунида туман маданият ходимлари томонидан ташкил этилган концерт дастури тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири