ЎзФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи қўлёзмалар фондида ҳам кўплаб ноёб қўлёзма ва тошбосма (литографик) асарлар сақланади.  

Музей ходимлари томонидан “Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида сақланаётган тошбосма асарларнинг электрон каталогини яратиш ва нашрга тайёрлаш” номли амалий лойиҳа доирасида мингга яқин тошбосма асарлар устида изланишлар олиб борилди. Улар турли  мавзуларга оид бўлиб, тили ва мавзуси бўйича тенг миқдорда саралаб олинди.

Олимлар гуруҳининг уч йиллик изланишлари натижасида арабий, форсий, туркий тилдаги тошбосма асарларнинг каталоги нашрга тайёрланди ва “Фан” нашриёти томонидан чоп қилинди.

Каталогдан музей қўлёзмалари фондида сақланаётган 500 та тошбосма асарнинг илмий тавсифи ўрин олган. Арабий, форсий, туркий тилдаги асарлар асосан адабиёт, тарих, тилшунослик, тиббиёт,  тафсир ва ҳадис илми, мантиқ ва калом илми, ақоид, фиқҳ, наҳв ва сарф илмлари ва бошқа соҳаларга тааллуқли.

Каталог адабиётшунос, шарқшунос, манбашунос, матншунос мутахассислар  ҳамда ватанимиз қўлёзма фондларида сақланаётган ёзма ёдгорликлар билан қизиқувчилар учун мўлжалланган.