Янги магистрал Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3 фоизга кўпайишига туртки беради. Йўл ўтадиган аҳолиси 2 миллиондан зиёд 13 та туман учун минглаб иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.
Йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм объектлари барпо этилади. Қурилишда маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш тадбиркорлар учун йирик буюртмалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади.
Давлатимиз раҳбари Хива – Урганч йўли қурилиши бошлангани, Тошкент – Андижон йўли бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида экани, Тошкентни Бўстонлиқ билан боғлайдиган йўлни лойиҳалаш ишлари якунига етказилаётганини қайд этди.
– Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз, – деди Президентимиз ва капсула қўйиб, янги автомагистрал қурилишини бошлаб берди.