Ижтимоий тармоқларда қор уюмларини Бўрижар каналининг сувни муҳофаза қилиш зонасига ўзбошимчалик билан жойлаштирилганлик ҳақида видео тарқалди.
Маълум қилинишича, Табиат ресурслари вазирлиги давлат инспекторлари томонидан тезкор ўрганишлар ўтказилиб, пойтахтимиз кўчаларидан тозаланган қорларни белгиланмаган ҳудудларга жойлаштириш ҳолатлари тўхтатилди. Вазирликнинг махсус аналитик лабораторияси жалб этилиб, таҳлил учун ифлосланган қорлардан намуналар олинди.
Ўрганиш давомида тегишли ташкилотларнинг ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Келгусида тозалаш ишларида ҳосил бўладиган қор ва музларни белгиланган чиқинди полигонларига чиқариш ва жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди ҳамда бу каби ҳолатларга қайта йўл қўйилмаслиги назоратга олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан лаборатория таҳлил натижаларига кўра, қўшимча маълумот бериладиган бўлди.