Айни пайтда “Тошкент сити”даги Халқаро конгресс марказига хорижлик юқори мартабали делегация вакиллари, экспертлар, журналистлар ташриф буюрган.
Бугунги конференция иши “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик” мавзуидаги ялпи мажлис билан бошланиши, тадбир давомида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари раҳбарларининг чиқишлари режалаштирилган.
– Мазкур конференциянинг бугунги кунда ўтказилиши жуда катта аҳамиятга эга. Чунки глобаллашув даврида Марказий ва Жанубий Осиё давлатларини бирлаштириш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.

Бугунги кунда барча жабҳадаги ўзаро алоқаларни ривожлантирмасдан мамлакатларни бирлаштириш мушкул иш. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини жуда қадрлаймиз.
Тошкентда ўтаётган конференция яқин келажакда ўз самарасини бера бошлашига ишонамиз. Ва яна такрор айтиш жоизки, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирса, бу – барча мамлакатлар учун фойдадан холи бўлмайди, – деди Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманнонзода.