Меҳмонларни самимий қарши олган Ж.Ортиқхўжаев ташриф учун миннатдорлик билдириб, жаноб Клиннерни янги лавозимга тайинлов билан табриклади ва ушбу учрашув Ўзбекистон Республикаси билан Германия Федератив Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик жадал ва муваффақиятли ривожланаётганидан далолат эканлигини мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, Тило Клиннер самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Тошкентнинг қиёфаси янада чирой очаётганини, иқтисодий-ижтимоий, саноат соҳаларида тез суръатлардаги ўсиш кузатилаётганини алоҳида айтиб ўтди. У Германия фуқароларини Қобул шаҳридан эвакуация қилишда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилган кўмакни алоҳида қайд этиб ўтди.

Шунингдек, меҳмон Ўзбекистон, хусусан, Тошкент шаҳри билан Германия ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорлик учун имкониятлар кўлами жуда кенглигини таъкидлади. Жумладан, у йўллар ва кўприклар қурилиши, энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, коммунал хизматлар, тиббиёт, таълим, инновация ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишга Германиянинг қизиқишини маълум қилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга Германия бизнес-делегациясининг ташрифини ташкил қилиш масаласини ўрганиб чиқишга келишиб олдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.