Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи ходимлари тадбиркорлик субъектлари томонидан йўлланган мурожаатларни ўрганиш натижасида Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда шаҳар ҳокимлигига хулоса ва йўлланма хатлар киритилган.
Жумладан, қайд этилган давлат муассасаларига қўйилган қонуний талаблар натижасида “Suil” ХКга 955 436 615 сўм, “Galen med pharm” масъулияти чекланган жамиятига 3 028 461 851 сўм, “Egiz” масъулияти чекланган жамиятига 1 977 971 500 сўм, “Madoka akari” масъулияти чекланган жамиятига 795 247 528 сўм, “Diplomat-Servis” масъулияти чекланган жамиятига 4 127 280 442 сўм, “Tabassum Mir” масъулияти чекланган жамиятига 1 202 299 000 сўм ҳамда “Фазо инновация ғояларни ривожлантириш маркази” масъулияти чекланган жамиятига 21 803 834 658 сўм компенсация тўланиши таъминланди.
Мисол учун, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 23 октябрдаги 4-1001-1814/24106-сонли ҳал қилув қарори асосида даъвогар “EGIZ” масъулияти чекланган жамияти фойдасига жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан компенсация тариқасида 1 977 971 500 сўм ундириш белгиланган. Ушбу суд қарорини ижро қилиш Мажбурий ижро бюронинг Чилонзор туман бўлимига топширилган.
Амалдаги қонун ҳужжатлари талабига асосан, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан ишнинг давлат органи мансабдор шахси ниҳоясига етказилиши зарурлиги ҳамда бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш чораларини кўриш юзасидан киритилган хулосага кўра 1 977 971 500 сўм миқдордаги компенсация тўловлари ундирилиши таъминланган.
Дониёр Маҳмудов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони
етакчи инспектори