Иккинчи муаммо – тез ёрдам машиналари муаммоси: бугун тез ёрдам учун 50 та машина Тошкентга, яна 32та машина амбулатор тизим хизматига берилади.
ПЗР аппаратлари ва таҳлиллар сони етишмаётганлиги муаммоси: маълумотларга кўра, ҳар куни Ўзбекистон бўйича 22 мингдан 24 минггача анализ ўтказиляпти. Анализлар жавоб беш кунгача чиқмаяпти, натижада таҳлил топширган фуқаро ўзи бемор ё бемор эмаслигини ҳам билмасдан халқ ичида юрибди.
Бугуннинг ўзидан ПЗР аппаратлари сони кўпайтирилади, уларни ишлатиш учун шароит яратилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги энг катта муаммолардан яна бири: захира койка ўринлар етишмаслиги. Яна керакли миқдорда койка ўринлар тайёрлаш бўйича топшириқ берилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиевнинг сўзларига кўра, йиғилишда эпидемик суриштирувларни олиб боришни танқидий кўриб чиқиш масаласи ҳам кўтарилган.
«Ҳар битта ҳолат бўйича эпидемик суриштирувларни охирига етказиш ва занжирни тўлиқ аниқлаш вазифаси қўйилди», – деди Юсупалиев.
Бош санитар врачнинг сўзларига кўра, керак бўлса ҳар битта туманда лабораториялар ташкил этиш, бунинг учун ПЗР аппаратлари харид қилиш ва айниқса касаллик ўчоқларида дезинфекция тадбирларини кучайтириш бўйича вазифалар ҳам белгилаб берилган.