Баённома Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев ва Туркия Республикаси Президенти Администрациясининг Инсон ресурсларини бошқариш офиси Президенти, проф. Салим Атай томонидан имзоланди. Тадбирда, шунингдек, «Истанбул» технопарки Директорлар кенгаши раиси - проф. Метин Еребакан ҳам иштирок этди.
Ушбу Баённома Туркия Республикаси Президенти администрациясининг Инсон ресурсларини бошқариш офиси билан имзоланиб, Тошкент шаҳрида «Истамбул» технопаркининг “TALENT HUB” инкубация марказини ташкил этишни, янги технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, илмий технопарклар ва инкубаторлар ташкил этиш, уларни ривожлантириш ва бошқаришни назарда тутади.
Баённоманинг имзолаш маросими давомида Тошкент шаҳрида «Истамбул» технопаркининг “TALENT HUB” инкубация марказини ва кейинги босқичда «Истамбул» технопаркининг филиалини очиш масалалари муҳокама қилиниб, амалга ошириладиган ишлар режалаштириб олинди.
— Бугунги кунда Туркия Республикаси Ўзбекистон учун асосий стратегик шерик ҳисобланади, — деди О. Норинбоев. — Биз кўп асрлардан буён ривожланиб келган Туркия-Ўзбекистон муносабатларига катта ҳурмат ва илиқлик билан қараймиз ҳамда Туркия Республикасига биродар халқ сифатида муносабатдамиз.
Ушбу Лойиҳа соғлиқни сақлаш, вакцинация, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш, алоқа ва коммуникация соҳаларида, мудофаа соҳасида самолётларни яратиш, янги технологиялар, турли соҳалардаги тадқиқотлар ва бошқаларда кенг технологик йўналишларни бирлаштиради.
Бугунги кунда вазирлик «Истанбул» технопаркининг «TALENT HUB» инкубация марказини Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносига жойлаштириш масаласи ҳал қилинган. Тегишли жиҳозлар ва инфратузилма билан таъминланган тегишли хоналар ажратилган.
Тошкент шаҳрида Ўзбек-Турк технопаркини яратиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида ҳозирги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ер участкаси ажратиш масаласи устида иш олиб борилмоқда.
Ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш қўшма дастурларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва малака ошириш учун мустаҳкам платформа яратишга имкон беради.