Семинарда Тошкент шаҳар Иқтисодиёт бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ССП ва бошқа масъул ташкилотларнинг мутасаддилари иштирок этдилар.
Хорижий тарафдан Жаҳон банки лойиҳасини раҳбари Аксель Баумлер, Жаҳон банки Ўзбекистон шаҳарларини ривожлантириш бўйича лойиҳасининг раҳбари Розанна Нитти ҳамда барқарор ривожланиш бўйича экспертлар иштирок этди.
Аксель Баумлер семинарни очар экан Тошкент шаҳрининг жадал комплекс ривожланиши ҳақида сўзлаб, Тошкент – Марказий Осиёга кириш дарвозаси эканини таъкидлаб ўтди. Марказий Осиёнинг савдо-иқтисодий, молиявий, инновацион, инвестицион имкониятлари айнан шу шаҳарда марказлашганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, ўзаро мулоқотда турар ва нотурар жойларнинг қурилишида иқлим ва техноген тавсифга эга хавфларга қарамай, инновацион ечимлар қўлланилаётгани мамнуният билан айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, учрашув доирасида, ARUP компаниялар гуруҳи томонидан Жаҳон банки билан биргаликда Тошкент шаҳрининг келгуси барқарор ривожланиши бўйича турли хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда батафсил таҳлил ўтказилганлиги айтилди. Маълум қилинишича, Тошкентнинг ривожланишида аҳоли зичлиги ўсиб бориши шароитида эскирган инфратузилмага ортиқча юк тушаётгани муаммо туғдириши мумкин. Хусусан, охирги 30 йил ичида аҳоли сони 10 фоизга ошган, шаҳар ҳудуди 20 фоизга катталашган.
Экспертлар инвестицияларни сув таъминоти, оқава сув тизими, транспорт ва энергетика соҳаларига йўналтиришни тавсия қилдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.