Пирогов столи илғор инновацион техника бўлиб, унда одам анатомияси ҳамда топографик анатомиядан барча материаллар тўлиқ ҳолда жойлаштирилган. Органлар тузилиши антропометрик шакли, ҳатто, ранглари ҳам тўлиқ инсон аъзоларига мос келади. Қон томирлар, нервларнинг энг кичик турдаги шакллари ҳам назардан четда қолмаган. Инсон аъзоларининг жинсга нисбатан фарқлари, топографик жойлашувларининг барчаси жуда аниқ шаклда берилган.

Аҳамиятли жиҳатларидан бири, у орган бўладими, тўлиқ система бўладими ёки бутун тана бўладими унинг макроскопик, микроскопик тузилишини ва топографик жойлашувини барча сатҳларда тўлиқ кўриш ва ўрганиш, талабаларнинг анатомия бўйича амалий билимларини ошириш имконини беради.

Бундан ташқари, аъзо системаларнинг тузилиши тўлиқ инглиз, рус тилларида ёритилиб ҳам берилади.

Ушбу интерактив стол инсон аъзолари ёки системаларининг анатомик ва топографик  тузилишини катта экранга узатиш ва уни намойиш қилиш имкониятига ҳам эга.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу интерактив стол замон талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган технологиядан бири бўлиб, нафақат тиббий олий таълим муассасалари талабалари, балки ёш мутахассислар ҳамда малака оширувчи барча шифокорлар учун ҳам асқатади.

Р.Усмонов,

ТТА Клиник анатомия кафедраси мудири, профессор,

Н.Ҳасанов,

ТТА Клиник анатомия кафедраси ўқув ишлари бўйича масъул ходими