Ҳужжатга кўра, айни пайтда Тошкент вилоятида бир киши учун ойлик чиқинди тўлови ҚҚС билан бирга 7840 сўмни ташкил этади. Уни 10 864 сўм этиб белгилаш таклиф этилди. Юридик шахслар учун бу тўлов 82 880 сўмдан 97 316 сўмга оширилади.
Бунда 1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини юридик ва жисмоний шахслардан олиб чиқиб кетганлик ҳамда уни чиқиндиларни қайта юклаш станцияси ёки чиқинди полигонларига етказиб берганлик учун санитар тозалаш корхоналарига тўлов 482 842,08 сўмни (ҚҚС билан), 1 м3 қаттиқ маиший чиқиндини юридик ва жисмоний шахслардан олиб чиқиб кетганлик ҳамда уни чиқиндиларни қайта юклаш станцияси ёки чиқинди полигонларига етказиб берганлик учун санитар тозалаш корхоналарига тўлов эса 215 250,56 сўмни (ҚҚС билан) ташкил этади.
2026 йил 1 январдан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилган бўлиб, унга кўра, санитария-тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақат амалда кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади ва барча тўловлар онлайн тизимлар орқали амалга оширилади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, фуқаролар чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши юзасидан эътирозлар билдирмоқда. Қўмита шу масала юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига сўров юборганди.