Рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ўрганишлари давомида бешта хизмат кўрсатувчи корхона — “Rahnamo servis”, “Zero-waste”, “Zangiota obodon”, “Angren bunyod fayz” ва “Ohangaron sanitariya tozalash” томонидан 250 мингга яқин истеъмолчидан жами 8,8 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз тўлов ундирилгани маълум бўлди.

Маълумотларга кўра, айрим хонадонлардан чиқиндилар умуман олиб кетилмаган бўлса-да, уларга тўловлар ҳисобланган. Шунингдек, хизмат кўрсатиш белгиланган даражада амалга оширилмаган ҳолатлар соҳадаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатган.

Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан ушбу корхоналарга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 8,8 млрд сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича қарор қабул қилинди.

Шунингдек, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун корхоналарга қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Рақобат қўмитаси томонидан республиканинг барча ҳудудларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ўрганишлар давом эттирилмоқда.