Учрашувда ваколатхона фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, таълим ва металлургия саноати йўналишларида амалий натижаларга эришиш масалалари муҳокама қилинди.

Россиянинг Пенза вилояти саноат, ишлаб чиқариш ва металлургия соҳалари ривожланган ҳудудлардан бири экани таъкидланди.

Шу йўналишларда қатор қўшма лойиҳалар — мебелчилик соҳасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, темирйўллар ва стратегик аҳамиятга эга объектлар учун шлагбаумлар ишлаб чиқариш, ёнилғи ва махсус суюқликларни ташишга мўлжалланган сиғимли идишлар ишлаб чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, Пенза вилоятига қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш ҳамда ИТ соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Жорий йил сентябрь ойида Тошкент вилояти талабалари Пенза давлат технологиялар университетида малака оширишга юборилиши режалаштирилган.

Учрашув якунида томонлар ваколатхона фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва аниқ ҳамкорлик ташаббусларини ишлаб чиқиш борасида келишиб олдилар. Владислав Жуков шунингдек, Тошкент вилояти делегациясини расмий ташриф билан Пенза вилоятига таклиф этди.