Қарз эвазига берилган пуллардан фоиз сифатида 1000 АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Тезкор тадбир Тошкент вилояти ИИББ Тезкор-қидирув хизмати ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида яшовчи фуқаро 2022 йил март ойида “Император” лақаби билан танилган шахсдан 2023 йил апрел ойида қайтариш шарти билан 3800 АҚШ доллари миқдорида қарз олган.
У пулларнинг 3600 АҚШ долларини қайтарган. Қолган 200 АҚШ долларини қайтариш вақтида эса унга муддатини ўтказиб юборилганлигини айтишади. “Император” буни “Кўча ечими билан ҳал этиш”ини айтиб қўрқитиб, ушбу пулларга яна 1000 АҚШ доллари қўшиб беришини талаб қилган.
Чорасиз қолган қарздор Ички ишлар оргналарига мурожаат қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
17 апрел куни, Тошкент вилояти ИИББ ТҚХ ва ДХХ ходимлари билан хамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида муқаддам 6 маротаба судланган жиноий гуруҳ етакчиси ва унинг 6 нафар аъзолари қўлга олинди.
Жиноий гуруҳ ариза муаллифидан юқоридаги пулларни олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланиб, 7 нафар шахс ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган.