Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекцияси маълум қилди.
Қайд этилишича, Оҳангарон туманида жойлашган “A.S.” МЧЖда давлат назорати текшируви ўтказилди.
Текширув давомида қатор қонунбузарликлар аниқланди. Хусусан, “Сопол ғишт ва тошлар. Техник шартлар” меъёрий ҳужжати талабларига кўра, ишлаб чиқарилган маҳсулот техник назоратдан ўтказилиб, масъул шахс томонидан қабул қилиниши лозим бўлса-да, корхонада ғишт маҳсулотлари назоратсиз қабул қилинган.
Шунингдек, меъёрий ҳужжат талабларига зид равишда маҳсулотларнинг сув сингдирувчанлиги, оҳак қўшимчалари мавжудлиги, совуққа чидамлилиги каби муҳим кўрсаткичлар бўйича даврий синовлар ўтказилмагани аниқланган.
Бундан ташқари, корхонада меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган бошқа ҳолатлар ҳам қайд этилган. Бу орқали Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонуни талаблари қўпол равишда бузилгани маълум бўлди.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан корхонанинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, корхонага нисбатан молиявий жарима қўллаш бўйича ҳужжатлар тайёрланиб, белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Айни пайтда мазкур маҳсулотни реализация қилиш вақтинча тақиқланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича корхонага тегишли кўрсатмалар берилди.