Тошкент вилояти Пискент туманидаги йўл транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат бугун, 17 март куни соат 06:30ларда Пискент тумани ҳудудидан ўтган «Тошкент-Бекобод« автомобиль йўлида содир бўлган.
Дастлабки маълумотга кўра, ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва «Исузу» автомобили билан тўқнашиб кетган.
Ҳодисада оқибатида юк транспорт воситаси ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчиси олган тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.
Зудлик билан воқеа жойига Тошкент вилояти ССБ малакали тиббий ходимлари, вилоят ИИББ, ФВБ ва бошқа ташкилот масъуллари жалб этилиб, ЙТҲнинг барча иштирокчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва шифохонага етказилди.
Воқеа юзасидан қўшимча ўрганиш ва зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда, дейилади хабарда.