Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Беларус Республикаси Спорт ва туризм вазирлиги раҳбарияти ҳамда икки мамлакат сайёҳлик бизнеси вакиллари иштирок этишди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Азамов беларуслик ҳамкорларни Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, янги сайёҳлик йўналишлари ва имкониятларини яратиш, амалга оширилаётган ишлар, дам олиш жойлари, гастрономия, ҳунармандчилик маҳсулотлари, шунингдек республикада сайёҳларнинг қулай яшаши учун яратилган шароитлар билан таништирди. 

Форум иштирокчилари санитарик-эпидемиологик хавфсизликнинг янги, энг юқори ва илғор халқаро стандартларга жавоб берувчи «Узбекистан. Сафе травел гуарантеэд» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган») тизими асосида чет эллик меҳмонлар, хусусан Беларусдан келувчи сайёҳлар Ўзбекистонда хавфсиз қолишларини таъминлаш бўйича республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништирилди.

Беларус Республикаси спорт ва туризм вазирининг ўринбосари Михаил Портной Беларус халқи Ўзбекистонни яқиндан билишини таъкидлаб, икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги улкан салоҳиятини инобатга олган ҳолда сайёҳлар алмашинувининг пандемия давригача бўлган даражасини энг қисқа вақт ичида тиклашга қизиқиш билдирди. 

Шунингдек, Михаил Портной Беларус ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида тиббиёт ва дам олиш туризмини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан у икки мамлакатнинг энг сўлим дам олиш масканлари, санаторий ва шифохоналарини биргаликда тарғиб қилишга тайёр эканлигини қайд этди. 

Ишбилармон доиралар, туроператорлар ва Ўзбекистон-Беларус туризм саноатининг бошқа субъектлари ўртасида бўлиб ўтган ялпи муҳокамаси давомида тўлиқ тажриба алмашиш ва туристик саёҳатларни тиклаш, ягона сайёҳлик маҳсулотини яратиш ҳамда қўшма турларни ташкил этишга доир таклифлар муҳокама қилинди. 

Ўз навбатида, Беларус томони маърузачилари Беларус Республикасининг Туризм саноати иттифоқи раиси Филипп Гулий ва Белинтурист «Центркурорт» давлат муассасаси раҳбари Алексей Стрелченко соғлиқни сақлаш туризми, гольф, теннис ва бошқа спорт турларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканлигини таъкидлашди. 

Форум якунига кўра, томонлар туризм соҳасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, сайёҳлик алмашинувини ошириш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Европа ва Осиёдан келувчи сайёҳлар учун икки йўналишда жумладан, Ўзбекистон ва Беларусга аралаш турлар ташкил устида ишлашга келишиб олишди.