25 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида жойлашган 409 та ёғоч уй бузилади, дея маълум қилди туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов.

Мазкур ёғоч уйлар 1966 йилги зилзиладан сўнг, вақтинча фойдаланиш учун тез фурсатларда қурилган уйлар ҳисобланади. Ҳокимнинг сўзларига кўра, «туман марказида 149 гектар ҳудудда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган икки қаватли ёғоч уйлар мавжуд».

«Лойиҳа доирасида жами 409 та авария ҳолатидаги уйлар бузилади. Улардаги 4314 та хонадонда яшаётган мулкдорлар учун туман марказидан янги замонавий уйлар қуриш режалаштирилган», — деди Иноғомов.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, «ёғоч уйлар»ни бузиш улардаги аҳоли янги уйларга кўчириб ўтказилганидан сўнг бошланади.