Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа туманнинг “Мискин” маҳалласида юз берган. Аёл аввал 1,5 ва 3 ёшда бўлган фарзандларини, сўнг ўзини деразадан ташлаган. Аёл вафот этган. Болалари эса тирик қолган бўлиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 17 сентябрь куни соат 14:18 ларда содир бўлган. 24 ёшли аёл турмуш ўртоғи билан рашк туфайли келиб чиққан келишмовчилик оқибатида жаҳл қилиб, 2022 ва 2024 йилларда туғилган икки нафар фарзандини ўзлари яшаб турган уйнинг 4-қавати йўлак деразасидан пастга ташлаб юборган.
Сўнгра ўша уйнинг 8-қавати йўлак деразасидан ўзини ҳам пастга ташлаган. Ҳодиса оқибатида аёл шифохонада вафот этган, икки нафар вояга етмаган боланинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.