16 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Москва ҳукумати вазири, Москва шаҳрининг иқтисодий сиёсати ва ривожланиш бўлими бошлиғи Сергей Пуртов бошчилигидаги Москва шаҳар ҳукумати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда пойтахт ҳокимлигидан Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ҳотамбек Шакиров ва ҳокимлик бошқармаларининг ходимлари иштирок этди.

Суҳбатнинг асосий мавзуси - яқинда Тошкентда Москванинг кўп функционал миграция марказининг ваколатхонаси очилиши бўлди. Бу минтақадаги биринчи шундай марказдир. Миграция марказининг иши барча жараёнларни шаффофлаштириши кутилмоқда ва меҳнат муҳожирларини муаммолардан, масалан, виждонсиз иш берувчилар билан боғлиқ бўлган муаммолардан ҳимоя қилишга қаратилган. Москвадаги иш берувчиларнинг барча мурожаатлари кўплаб мезонларга мувофиқ текширилади, хусусан, уй-жой ва транспорт билан таъминлаш имконияти, иш ҳақи даражаси ва ҳоказо.

Кўп жараёнларни Москвадан Тошкентга кўчириш жуда кўп афзалликларга эга. Масалан, мигрантларни Ички ишлар вазирлиги базасида текшириш, рус тили ва танлаган касбини “уйда” ўргатиш қулайроқ. Бу фақат бошланиши. Ушбу очилган ваколатхонанинг вазифаларидан бири намунавий моделни шакллантириш ва жараёнларни йўлга қўйиш, тартиб-қоидаларини тушунтириш, ишлашга рухсат олишни такомиллаштиришдан иборат .

Москва томони турли касб эгалари жалб қилинаётгани - менежерлар, раҳбарлар, ишлаб чиқаришни ташкиллаштирувчилар ва бошқалар талаб қилинишини таъкидлади. Шунингдек, пандемия тугаганидан сўнг, бўш иш жойлари биржаси тўлиқ ишга туширилиши айтилди. Бу эса меҳнат муҳожирларига иш топишни осонлаштиради.

Учрашув якунида томонлар меҳнат миграцияси муаммоларини оптималлаштириш ва юзага келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш бўйича ўзаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга келишиб олишди.