Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шубаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан қидирувдаги автотранспорт воситаларини қидириб топиш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси марказий бошқарув бўлими иш юритувида мавжуд бўлган Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 26.05.2023-йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Ю.А.дан давлат фойдасига 115,8 млрд. сўм ундириш белгиланган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, қарздорнинг номида Cobalt русумли автотранспорт воситаси мавжудлиги аниқланган.

Ушбу автомашина қарздор яшаётган манзилда йўқлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шубаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларидан бирида қарздорга тегишли автомашина Нукус шаҳридан топилиб жарима майдончасига қўйилган.