Нохуш ҳодиса юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Хабарга кўра, ҳолат жорий йилнинг 3 ноябрь куни тахминан соат 9:15 ларда, яъни танаффус вақтида мактаб биносининг 2-қаватида содир бўлган.
Шу мактабни 2021 йил тамомлаган, Миробод туманида истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган Т. М. ҳамда унинг дўсти, Миробод туманида истиқомат қилувчи, 2004 йилда туғилган Ғ.Б. мактабнинг информатика ўқитувчиси билан гап талашиб, ўқитувчига тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаро Т. М. 213-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Т. М.нинг акаси экани аниқланган.
Ўқитувчи С.Аҳмедов, М.Т.га 1-чоракда информатика фанини яхши ўзлаштирмагани сабабли чорак баҳо қўймаслигини айтганидан сўнг, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. М.Т. ушбу ҳолатни акаси Т.М.га айтган. Т.М. вазиятга ойдинлик киритиш учун ўртоғи Б.Ғ. билан мактабга келиб, ўқитувчига тан жароҳати етказган.
Ушбу ҳолатдан хабардор бўлган мактаб раҳбари С.Иргашева ўша заҳотиёқ ИИОФМБ га хабар берган.
"Нохуш ҳолат бўйича ҳозирги кунда Миробод тумани ИИОФМБ да суриштирув ишлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.