Тантанали тадбирда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири доктор С. Жайшанкар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов бошчилигидаги мутасаддилар иштирок этди.

Ҳамкор давлатнинг молиявий кўмагида ташкил этилган марказ лабораторияси Ҳиндистондан олиб келинган сўнгги русумдаги IT-ускуналар, замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Улардан дарсларни ўтиш, лабораториялардаги лойиҳалар устида ишлаш, инкубация ва Ўзбекистондаги минтақавий тадбиркорлик марказлари билан виртуал алоқаларни ўрнатишда фаол фойдаланилади.

Ҳиндистон-Ўзбекистон тадбиркорлигини ривожлантириш маркази Ўзбекистоннинг ёш тадбиркорлари учун турли хил курсларни ўтказиб келмоқда, — деди Доктор С Жайшанкар. — Ёшларнинг малакасини ошириш, иш билан таъминлаш ва бизнесни ривожлантириш ушбу марказ фаолиятининг муҳим натижаларидан биридир. IT-лаборатория эса бу жараёнда қўшимча ёрдам беришига ишонаман.

Маълумот учун Ҳиндистон-Ўзбекистон тадбиркорлигини ривожлантириш маркази Ҳиндистон ҳукуматининг молиявий ёрдами ҳамда Аҳмедабад шаҳридаги Тадбиркорликни ривожлантириш институтининг техник кўмаги асосида 2018 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган. Марказнинг доимий директори ҳам Ҳиндистондан юборилган бўлиб, у 2020 йил декабридан бошлаб фаолият юритиб келмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Ҳиндистон ҳукуматига Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ривожланиб бораётган ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири