Тадбир Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, UNCTAD/JST халқаро савдо маркази (ХСМ) ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган.

Тадбир давомида Uzbekistan Trade Info ахборот платформасининг расмий тақдимоти ҳамда уни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу платформанинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг халқаро бозорларга чиқиш учун очиб бераётган имкониятлари муҳокама этилди.

Uzbekistan Trade Info онлайн-восита трансчегаравий савдо билан боғлиқ маълумотларга бепул ва доимий киришни таъминлашга, тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни қисқартириш ва савдони тартибга солишга, шунингдек савдо жараёнидаги тўсиқларни олиб ташлашга ёрдам беради.

Платформадаги маълумотларнинг янгиланишини таъминлаш учун у жамоа томонидан давлат органлари ва хусусий сектор билан биргаликда ишлаб чиқиляпти.

Платформа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган 4 йиллик «Ready4Trade – Марказий Осиё» лойиҳаси доирасида ишга туширилди. Савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган минтақавий лойиҳа Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби бешта давлатида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

Босқичма-босқич савдо ахборот платформаси «Uzbekistan Trade Info» трансчегаравий савдони осонлаштириш, мавжуд миллий онлайн хизматларни тўлдириш ва Ўзбекистон хусусий секторига халқаро савдонинг барча имкониятларидан фойдаланишда ёрдам беришнинг самарали воситаси бўлади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.