Туркистонда биринчи европача шифо маскани 1868 йилда очилган. У асосан ҳарбий хизматчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ва Тошкент ҳарбий лазарети деб аталган.

1870 йилда лазарет иккинчи даражали Тошкент ҳарбий госпиталига айлантирилган ва 415 ўринга мўлжалланган. Даставвал госпитал маҳаллий аҳолига ҳам тиббий хизмат кўрсатган. Кейинчалик шаҳар шифохонаси ва амбулаторияси очилиши билан мазкур госпиталда маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатиш тўхтатилган.

ХХ аср бошида бу ерда давлат хизматидаги шахслар, шунингдек, полиция талаби бўйича беморлар қабул қилинган. Тошкент шаҳар думаси бундай беморларни даволашда сарфланган харажатларни қоплаган.

Замонавий тиббиётнинг аёллар ва болалар учун кириб келиши

1883 йилда аёл шифокорлар ташаббуси билан Тошкентда дастлабки аёллар ва болалар шифохонаси ташкил этилди. Унга 1883 йилдан 1893 йилгача, яъни 10 йил ичида 24747 нафар бемор мурожаат қилган. 1907 йилда ушбу амбулаторияга 30700 бемор мурожаат қилган. Шифохонада фақат аёл тиббий ходимлар хизмат кўрсатган. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган аёллар ва болаларга бепул ёрдам кўрсатилган, шу жумладан, дори-дармон, сув муолажалари, оддий операция ва боғлов ишлари текин амалга оширилган.

Тошкентда Туркистон меҳр-мурувват жамияти қошида 1880 йилда ташкил этилган туғруқхона мавжуд бўлиб, унда кўзи ёриётган аёлларга беғараз ёрдам кўрсатилган. Бу Туркистондаги ягона туғруқхона бўлиб, унда жами 7 та ўрин мавжуд эди. Туғруқхона ҳафтада 2 марта бемор аёллар ва болаларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатган. Дастлабки 30 йилда туғруқхона хизматидан 3110 аёл фойдаланди, 4151 аёл тиббий маслаҳатлар олди. 1906 йилда туғруқхонага янги бино берилди ва унинг фаолияти анча яхшиланди.

1885 йилдан кейин Туркистоннинг бошқа шаҳарларида, жумладан, Хўжанд, Андижон, Марғилон, Наманган, Қўқон каби шаҳарларда маҳаллий хотин-қизлар учун амбулаториялар ташкил қилинган.

1900 йилга келиб, Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасида маҳаллий аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида иккинчи амбулатория очилган. 1904 йилда бу шифохона шаҳарнинг Шайхонтоҳур даҳасига кўчирилган. Амбулатория ташкил этилган йилда 8000 нафар беморга ёрдам кўрсатилган бўлса, кейинчалик улар сони йилига ўртача 25000 нафар беморни ташкил этган. Уларнинг 10 фоизи эркаклар, қолгани эса аёллар ва болалар эди.

                                                                                               Наргиза КАМАЛОВА тайёрлади.

                                                                             “Uzpharmagency” телеграм каналидан олинди.