Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ амалий чора-тадбирлари белгилаб берилган. Жумладан, маданият ва санъат соҳасининг тараққий этишини таъминлаб берувчи омилларга катта эътибор қаратилган. Хусусан, соҳанинг барча тармоқлари ривожланишига қулай шарт-шароит яратиш, ўзбек маданияти ва санъати дурдоналарини жаҳон бўйлаб тарғиб этиш, атоқли адиб ва санъаткорларнинг адабий ҳамда мусиқий меросини чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга бекаму кўст қолдириш сингари  долзарб вазифалар илгари сурилган.

Маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар учун замонавий шарт-шароит яратиш мақсадида бюджетдан 72,1 миллиард сўм ажратилиб, 16 та маданият маркази, 10 та музей, 3 та театр биноларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш вазифаси белгиланган. “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кино фестивалини ташкил этиш мақсадида муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, унда халқаро тадбирни юқори савияда ташкил этиш, ўзбек киносини дунёга танитиш, ҳорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб этиш ҳамда кинематография соҳасида ўзаро алмашинувни кенгайтириш, фестиваль низомини тасдиқлаш, тадбир доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш вазифалари юклатилган.

Алишер Навоий асарларининг бугунги ёшлар тушунадиган ихчам намуналарини яратиб, турли мобил илова ва электрон дастурлар ишлаб чиқиш мақсадида амалий чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, адабиётшунос олимлардан ишчи гуруҳ ташкил этиш назарда тутилган. Атоқли шоир ва адиблар Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, буюк санъаткор Ботир Зокировнинг юбилей саналарини нишонлаш бўйича белгиланган тадбирларни аҳоли, аввалам бор, ёшлар хотирасида ёрқин из қолдирадиган даражада, чинакам адабиёт ва санъат байрамлари сифатида ўтказиш мақсадида “Абдулла Орипов издошлари”, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони”, “Ботир Зокиров санъати давомчилари” кўрик-танловларини ташкил этиб, ушбу тадбирларни туман, шаҳар, вилоят ва республика босқичларини ўтказиш  белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Буюк ўзбек йўли” номли мақолалар тўплами, “Келажакка бошлайди ишонч” номли шеърий асарлар мажмуаси, “Орзулар хиёбони” номли насрий асарлар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш вазифаси илгари сурилган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан журналистика соҳасида “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ўтказилади ва ушбу тадбир “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида амалга оширилади.

Маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Унда барча маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг Миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш кўзда тутилган. Бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, ОАВ ва кенг жамоатчиликнинг иштирокини рағбатлантириш ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш ва оммалаштириш ишларини кучайтириш, молиялаштириш манбаларини белгилаш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро анжумани ўтказилади. Муҳим эътиборга молик вазифалардан яна бири шуки, давлат дастурида Тошкент шаҳрининг қадимий 12 та дарвозасини тиклаш ва туризм намойиши объектларига киритилиши кўзда тутилмоқда. Зеро, тарихни мукаммал билиш, юртимизнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини англаш муҳим вазифа бўлиб қолади.

Бугунги глобал пандемия даврида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш баробарида маданият ва санъат соҳасининг ривожига қаратилаётган бундай юксак эътибор эртанги порлоқ истиқболимизни белгилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилажак.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати