Масъул идоралар аҳолидан эҳтиёткор бўлиш, дарахтлар, енгил конструкциялар ва реклама воситалари яқинида тўпланмасликни сўради.
Тошкент шаҳрида 18 майга ўтар кечаси ва тунги вақтда кучли шамол ҳамда ёғингарчилик кузатилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Вазирлик қайд этишича, ҳозирча ҳодисалар оқибатида жароҳат олган фуқаролар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Ҳудудларда вазият ФВВ ҳамда тегишли хизматлар томонидан назоратга олинган бўлиб, оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
ФВВ аҳолидан кучли шамол вақтида эҳтиёткор бўлиш, дарахтлар, енгил конструкциялар ва реклама воситалари яқинида тўпланмасликни сўради. Зарур ҳолатларда 112, 1055 ва (55) 515−10−50 рақамларига мурожаат қилиш мумкинлиги айтилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати об-ҳаво кескин ёмонлашгани сабабли аҳолини эҳтиёткорликка чақирди. Хусусан, автомобилларни дарахтлар ва электр узатиш линиялари остида қолдирмаслик, шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлиш ҳамда шахсий мулкни муҳофаза қилиш тавсия этилди.
Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ноқулай об-ҳаво, хусусан кучли шамол сабаб электр тармоқларида носозликлар юзага келган. Ҳозирда энергетиклар томонидан ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек тумани «Ц1» мавзесида дарахт автомобиль устига қулагани ҳақида хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, ноқулай об-ҳаво таъсирида табиий омиллар сабаб дарахт қулаган.
Ҳодиса оқибатида битта автотранспорт воситасига зарар етган, жабрланганлар йўқ. Ҳудуд назоратга олинган бўлиб, тегишли хизматлар томонидан бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.