Дастлабки манзил Польша. Мазкур давлатда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва бизнес форум доирасида мамлакатимиздаги чарм-пойабзал корхоналари фаолияти кенг тарғиб этилди, соҳанинг инвестицион жозибадорлиги намойиш этилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан Ўзбекистон -Польша бизнес форуми ўтказилди. Унда сўз олганлар айни кунда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, чарм-пойабзал ва тўқимачилик саноатида эришилган ютуқлар, корхоналарнинг айни кундаги ишлаб чиқариш салоҳияти хусусида атрофлича маълумот берилди.
Франция. Ҳудудининг катталиги жиҳатидан Европада биринчи ўринда туради. 67,8 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 3,12 триллион долларни ташкил қилади. Иқтисодий кўрсатгичлари жиҳатидан Европада иккинчи ўринда турадиган ривожланган давлатлардан бири саналади. Мазкур давлатда ҳам Ўзбек чарм-пойабзал маҳсулотларига ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қизиқиш юқори. Мазкур мамлакатда бўлиб ўтган бизнес форумда айни шу фикрлар қайд этилиб, импорт маҳсулотларнинг юқори ҳажмдагисини Ўзбекистондан кириб келишини кўпайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон GSP+ тизимига қўшилиши натижасида катта имтиёзлар берилиб, Европа иттифоқи бозорларига товарларнинг импорт божлари билан ноль фоиз экспорт қилиш имкониятини яратди.
Испаниянинг енгил саноати дунёнинг энг нуфузли бозорларидан бири саналади. Жаҳон тайёр енгил саноат маҳсулотлари экспортининг 4 фоиз улуши ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, бу давлатда буюртмага ишлаш ҳам, ишлаб чиқариш ҳам юқори даражада ривожланган. Ўзбекистоннинг Испанияга қўшимча экспорт салоҳияти 100 миллион доллардан ортиқни ташкил қилади. Биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида Испания Ўзбекистондан 2,1 миллион долларлик тўқимачилик ва чарм –пойабзал маҳсулотларини импорт қилган. Самимий ва дўстона мулоқотлар билан бошланган бизнес форумда Барселоналик тадбиркорлар томонидан айни шу фикрлар алоҳида эътироф этилди. Бизнес форумда «Ўзчармсаноат» уюшмаси вакилларининг тақдимотлари ўтказилди. Икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш билан боғлиқ қатор масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Умуман олганда мазкур «Trade mission» мамлакатимиз чарм-пойабзал тармоғини Европа бозорида танитиш ва янги ҳамкорлар топиш учун қулай мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.