Киркнинг бўйнига ўқ узилди. У оғир аҳволда шифохонага етказилган. Кейинроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Кирк вафот этганини айтди.

Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида мотам белгиси сифатида бутун мамлакат бўйлаб байроқларни тўрт кун давомида якшанба оқшомига қадар ярмигача туширишни буюрганини эълон қилди.

“Буюк ва афсонавий Чарли Кирк вафот этди. Америка Қўшма Штатлари ёшларини Чарлидан кўра яхшироқ тушунадиган ва ҳамдард бўлган ҳеч ким йўқ. Уни ҲАММА яхши кўрарди, ҳайратда қолдирарди, айниқса мени, энди у орамизда йўқ. Мелания ва мен унинг ажойиб рафиқаси Эрика ва оиласига ҳамдардлик билдирамиз. Чарли, биз сизни яхши кўрамиз!”, деб ёзди Трамп.

31 ёшли Чарли Кирк Трампнинг таниқли тарафдори ва подкаст бошловчиси бўлиб, у мактаблар, коллежлар ва университетларда консерватив қадриятларни тарғиб қилувчи Turning Point USA талабалар гуруҳига асос солган.

Киркка 100 дан 200 метргача масофадан ўқ узилган. Маҳаллий ҳокимият дастлаб ҳужумда гумонланувчини қўлга олганини маълум қилди, бироқ кейинроқ маълум бўлишича, у ҳалигача қўлга олинмаган.

Кейин, қотилликдан бир неча соат ўтгач, ФБР директори Кэш Патель жиноят учун кимдир ҳибсга олинганини эълон қилди, бироқ уч соат ўтгач, у Х тармоғида бу шахс сўроқдан кейин қўйиб юборилганини эълон қилди.

Бироз вақт ўтгач, кечки пайт (Европада ярим тун эди), Юта штати жамоат хавфсизлиги департаменти Киркнинг ўлдирилишидан кейин икки киши ҳибсга олинганини эълон қилди, бироқ уларнинг жиноятга алоқаси йўқлиги аниқлангач, иккаласи ҳам қўйиб юборилди.

Департамент баёнотида айтилишича, қидируви давом этаётган қотил Киркка яқин атрофдаги бино томидан ўқ узган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп суиқасддан сўнг Кирк учун ибодат қилишга чақирди.

Юта штати губернатори, республикачи Спенсер Кокс буни сиёсий сабабларга кўра суиқасд эканини айтди, деб хабар берди bbc.com.

“Бу бизнинг давлатимиз учун қора кун. Мамлакатимиз учун фожиали кун. Мен буни аниқ айтмоқчиман: бу сиёсий суиқасд”, деди губернатор Кокс журналистларга.