Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш бўйича нафақат юртимиз, балки Ўрта Осиёда ягона бўлган “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамиятида ана шундай замонавий пахта териш машиналари тайёрланади. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб бу ерда АҚШнинг “CNHI RND” конструкторлик-технологик маркази билан ҳамкорликда янада замонавий, бир кунда ўртача 20 тоннагача ҳосилни йиғиштириб олиб, 400 нафаргача теримчи ўрнини боса оладиган “TZST CE 220” пахта териш машиналари ишлаб чиқарилмоқда. Завод бўйлаб ташкил этилган пресс турда оммавий ахборот воситалари ходимлари янги авлод техникасининг қулайликлари ҳамда ишлаш механизмлари билан яқиндан танишди.

Айни пайтда ушбу техниканинг 20 фоизи маҳаллийлаштирилган бўлиб, унинг учун зарур металларнинг бир қисми ўзимизда тайёрланмоқда. Иш жараёнинниг илк босқичи заводдаги тайёрлов-ишлов бериш цехида бошланади. Бу ерда металлар керакли ҳажмда кесилиб, уларга ишлов берилади. Пайвандлаш, бўёқ бериш, 200 даражали иссиқликда қуритиш жараёнларидан сўнг металлар йиғилади ва тайёр комбайн ҳолига келтирилади.

Янги авлод пахта териш машинасининг асосий афзаллиги махсус тиркамалар орқали тракторга уланиши ва бир вақтнинг ўзида ҳам комбайн, ҳам трактор вазифасини бажара олишидадир. Яъни трансформер шаклида ишлаб чиқарилаётган СЕ-220 русумли пахта териш машиналаридан мавсумдан ташқари вақтларда ҳам универсал-ҳайдов трактори сифатида фойдаланиш мумкин. Бу эса бошқа ўхшаш турдаги техникалардан фарқли тарзда уни йил давомида турли агротехнологик жараёнларда қўллаш имконини беради.

Терим аппаратидаги икки томонлама барабан ҳамда “Extenda-Wear™” горизонтал шпинделларининг уч поғонали тишлари пахта хом-ашёсини самарали териш билан бирга, шпинделдан енгил ечилиш ва узоқ муддатли сифатни таъминлайди.

— Президентимизнинг замонавий, юқори самарали пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш ва теримни машинада ташкил этиш ҳисобига механизациялаш даражасини ошириш борасидаги топшириқлари асосида 2020 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, — деди “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ бош технологи Мурод Эргашев. — Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида заводимиз томонидан жорий йилда 550 дона СЕ-220 русумли (Case) горизонтал шпинделли ҳамда 300 дона МХ-1.8 русумли вертикал шпинделли жами 850 дона замонавий, юқори самарали пахта териш машиналарини ишлаб чиқариб, республика ҳудудларига етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 106 дона СЕ-220 русумли замонавий комбайн қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказиб берилган бўлса, заводда яна 120 га яқин техника тайёр ҳолатда турибди.

Мазкур замонавий техникалар барқ уриб очилган пахталарни бир вақтнинг ўзида тез ва сифатли териб олади. Унинг ортидан фақат ғўзапоя билан кўсак қолади, холос. Ушбу техника ёрдамида нафақат иш кучини сезиларли даражада тежаш, балки ҳосилни тез ва сифатли йиғиштириб олиш мумкин. Шу боис, ҳудудларда техникага талаб кун сайин ортиб бормоқда. Улар пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига лизинг асосида ёки тижорат банклари томонидан паст фоизли кредит маблағлари ҳисобига 10 йил муддатга етказиб берилаётгани техникадан фойдаланиш имконини янада оширяпти.

Мутахассисларнинг айтишича, комбайн юкхонаси 800 килограмгача пахта сиғимига эга бўлиб, унга янги прессловчи қурилма ўрнатилиши натижасида бу кўрсаткич 1200 килограмм ҳажмга ошган.  Бугунги кунда 4 мингдан зиёд деталлардан иборат техниканинг 2 мингдан ортиқ қисмлари маҳаллийлаштирилган бўлиб, йил сўнгига қадар комбайннинг бошқа қисмларини ҳам юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Соҳада эришилаётган бу каби ютуқлар биринчи галда, халқимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларнинг олиб кирилиши, механизация ва сервис хизматини кенгайтириш ва кўплаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири,

суратлар муаллифи: Ҳаким Йўлдошев.