Учрашувда мамлакатимиз транспорт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, рақамли технологиялардан фойдаланишнинг умумий даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Жумладан, йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали ташувчиларга бириктириш бўйича ишлаб чиқилган электрон ахборот тизими, шунингдек, Тошкент шаҳри жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимининг жорий этилгани юзасидан батафсил маълумот берилди.

Шунингдек автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташишга лицензия бериш жараёнининг тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани, автотранспортда халқаро юк ташувлари билан шуғулланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида хорижий/кўп томонлама рухсатномаларга миллий ташувчилардан буюртмаларни онлайн тарзда қабул қилиш тизими йўлга қўйилгани юзасидан тақдимот ўтказди.

Учрашувда рақамли технологияларнинг транспорт соҳаси ривожидаги аҳамияти, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда инновацион ечимлардан самарали фойдаланиш, бу борада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.