Вазирлар Маҳкамасининг  қарорига кўра:

– жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш тартибини жорий этиш;

– 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли бўлган М1 тоифадаги автотранспорт воситаларини тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш.

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2021 йил 1 сентябрга қадар давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари учун биттадан ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларини харид қилади ва фойдаланишга киритади.

 Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати учун ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларини харид қилиш ҳамда малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ходимларни ўқитиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий бўлинмаларининг транспорт воситалари мазкур идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилади.

Шунингдек, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

– жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари, электромобиллари ва уларнинг тиркамаларини, шунингдек, трамвай ва троллейбусларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби;

– транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш-техника базаси жойлаштириладиган хона ва майдонларга доир талаблар;

– транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш муддатлари ва даврийлиги.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2021 йил 1 июлга қадар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига ахборот хавфсизлиги талабларини инобатга олган ҳолда, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имкониятини яратиш чораларини кўради.

Белгилансинки:

– тадбиркорлик субъектлари “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига тўлиқ интеграция қилингунга қадар техник кўрикдан ўтган ва техник соз деб топилган ҳар бир транспорт воситасига тадбиркорлик субъектлари томонидан уларнинг техник ҳолати ҳақида далолатнома берилади;

– тадбиркорлик субъектлари томонидан бериладиган далолатнома Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида техник кўрик натижаларини қўшимча техник кўрик ўтказмаган ҳолда “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш учун асос бўлади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий давлатларга чиқадиган транспорт воситаларидан ташқари барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинди.