Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг  3-йўналиши  Аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни ахборот технологиялари соҳасидаги тадбиркорликка жалб қилиш доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги давлат ҳокимияти органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиб, республика миқёсида “ахборот технологияларини ривожлантириш марказ”ларини ташкил этишни давом эттирмоқда.

1 июнь — “Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” доирасида  Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида навбатдаги “Ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” санитария-эпидемиология талабларга риоя этилган ҳолда очилди.

Очилиш маросимида Сирдарё вилояти ва Сайхунобод туман ҳокимликлари,  IT-Park масъул ходимлари,  шунингдек кенг жамоатчилик, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси корхона ва ташкилотлари вакиллари  ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Марказда кўркам ва шинам хоналар ташкиллаштирилган, замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланди. Ўқув маркази ёшларимизга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик йўналишида ўқув курслари ташкил этилади. Фарзандларимизни 3 ёш туркумида, яъни 9-15, 16-19 ҳамда 20-25 ёшда, босқичма-босқич ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илғор мутахассислар сифатида тайёрлашни мақсад қилиб белгиланди.

Қолаверса, марказда ёшларни компьютер спортига (киберспортга) жалб қилиш, киберспорт қоидаларини ўргатиш, турли ўйинлар бўйича гуруҳларни шакллантириш, жамоавий ўйинлар амалиётини ташкил этиш, республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.