Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ўрнида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ташкил этилиши тизимдаги туб ислоҳотлардан далолатдир.

Агентлик томонидан журналист ва блоггерлар учун ташкил этилган медиа-турда кадастр соҳасида олиб борилаётган янгиликлар, амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан ахборотлар, кадастр хизматларини кўрсатишдаги янги технологик ечимлар бўйича атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, тизим доирасида фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатлар, муаммолар бўйича очиқ, конструктив мулоқотлар бўлиб ўтди. 

Онлайн хизматлар алгоритми такомиллашмоқда (Тошкент шаҳри мисолида)

Иштирокчилар даставвал Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида бўлиб, Давлат марказларидан келиб тушадиган аризаларни кўриб чиқиш жараёни ва онлайн хизматлар алгоритми борасидаги янгиликлар билан батафсил танишдилар.   

Тошкент шаҳар ер тузиш  ва кўчмас мулк кадастри корхонаси бош муҳандиси Носир Латиповнинг қайд этишича, соҳага доир муайян хизматлар тўлиқ онлайн шаклга ўтган, галдаги вазифа эса фуқароларда бундай хизматлардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Хусусан, айни пайтда пойтахтда 10 дан ортиқ корхоналар билан тўғридан-тўғри интеграция ишлари амалга оширилди. Масалан, ўтган 9 ой давомида кўчмас мулкни қайта расмийлаштириш, қайта баҳолаш ва турли хил техник кўрсаткичлар бўйича Давлат солиқ қўмитаси билан 154 мингдан зиёд ўзаро маълумот алмашилди. Давлат хизматлари агентлиги билан 325 мингта мурожаат онлайн кўриб чиқилиб, ижроси таъминланди. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси билан ўзаро маълумот алмашиш суд ижро ҳаракатлари жараёнидаги кўчмас мулк билан боғлиқ турли ҳолатларни аниқлашда тезкорликни таъминлаяпти. Айни хизматнинг Ички ишлар органлари билан ҳам йўлга қўйилиши фуқароларни доимий  рўйхатга қўйиш ишларини автомотик тарзда амалга оширишга хизмат қиляпти. Айниқса, нотариал идоралар билан интеграция аввалги узоқ сарсонгарчиликларга жуда барҳам бермоқда. Бундан ташқари Ўзбекэнерго АЖ, Тошиссиққувват ДУК билан ҳам бугун ўзаро маълумот алмашиляпти.  Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказганда кўчирма беришнинг янги тизими — Давреестр тизими ҳам корхона билан интеграция қиладиган  корхоналар таркибидан жой олган.

Ўзбекистон Миллий Атласининг илк нусхаси тайёр

Қарийб 85 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Картография илмий ишлаб чиқариш давлат корхонасида иштирокчилар  Ўзбекистон Миллий Атласининг илк нусхаси ва лойиҳа доирасидаги иш жараёни билан танишдилар.

Миллий атласни яратиш ишлари Вазирлар Маҳкамсаининг 2018 йил 15 мартдаги 204-Ф фармойиши билан бошланган эди. Ушбу жараён 2020 йил якунига қадар якунланиши кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда ўзида 424 та харитани жамлаган 2 томлик мазкур атласнинг 3 бўлимдан иборат, 205 та харитани ўз ичига олган 1-жилдининг илк нусхаси нашрдан чиқди. 

- Миллий атласиизни яратиш жараёнига Кадастр Агентлиги ва корхонамизнинг 50 дан зиёд мутахасислари, вазирлик ва идоралардан қирққа яқин вакиллар, шунингдек, Олий таълим вазирлиги ҳамда илмий мақомга эга бўлган бошқа ташкилотлардан экспертлар жалб этилган, — дейди корхона директори Орифжон Иброҳимов. — Хусусан, жараёнга Олий таълим вазирлиги билан Фанлар академиясининг етук мутахасислари яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқдалар.

Соҳани рақамлаштириш кутилаётган натижаларни камида 5 йилга тезлаштиради

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ташкил этилган медиа-турнинг асосий қисмида Тошкент вилояти кадастр бошқармаси, Геоинновация ДУК, Геоинфоком ДУК, Картография Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази, "Ўздаверлойиҳа" ДИЛИ ташкилотлари мутахассислари томонидан олиб борилган тақдимотлар намойиш этилди.   Тақдимотлар савол-жавобларга, баҳс мунозарага бой шаклда ўтди. Медиа-тур давомида ОАВ вакиллари кадастр соҳасига оид муаммолар, қизиқарли фактлар ва маълум вазиятларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлдилар. Қолаверса, фуқаролардан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш жараёни, архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва геоботаник тадқиқотлар жараёнлари билан танишдилар. Энг муҳими, журналистлар соҳани рақамлаштириш орқали келажакда эришиш мумкин бўлган натижалар камида 5 йил олдин қўлга киритилишига жонли тарзда гувоҳ бўлдилар. Дронларни бошқаришга бағишланган тақдимот эса иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур медиа-тур Жаҳон Банки кўмагида амалга оширилаётган  “Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси “Mening Uyim” жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияси доирасида ўтказилди.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири