— Бугунги кунда республикамизда 329 та спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда 13 минг нафардан зиёд тренерлар қўл остида 328 мингдан ортиқ ёшлар спортнинг 30 дан ортиқ тури бўйича мунтазам шуғулланмоқда. Бироқ ана шу мактабларнинг ҳаммаси ҳам самарали фаолият кўрсатмаяпти. Аксарият спорт мактабларидан биронта республика чемпиони етишиб чиқмагани ҳам фикримизнинг далилидир. Ҳолбуки, олимпия захиралари коллежларида 7 минг нафар бола таълим олмоқда. Уларнинг ўқиши учун бюджетдан қанча маблағ берилади. Лекин уларнинг орасида атиги 70 нафари Олимпиада қатнашчиси бўлиши – бу албатта қониқарсиздир, — дея сўзини давом эттирди давлатимиз раҳбари спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида гапираркан. — Шунинг учун 2021 йилдан бошлаб ҳар бир спорт мактабига давлат буюртмаси бериш тизимини жорий этиш лозим. Бунда спорт мактаблари томонидан ҳар йили “спорт усталигига номзод”, “спорт устаси”, “халқаро тоифадаги спорт устаси” каби разряд ва унвонларга эга бўлган спортчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу тизим орқали спорт мактабларининг рейтинги юритилади ва уларнинг фаолиятига шу асосда баҳо берилади".

Шунингдек, Президентимиз миллий чемпионатлар савияси ва спортчиларни тайёрлаш тизимини яхшилаш вазифасини қўйди:

— Спорт турлари бўйича ўтказилаётган мамлакат чемпионатларининг савияси тушиб кетган. Энг ачинарлиси, бу соҳада коррупция ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Масалан, спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари ўтказилмасдан, фақатгина маълум бир тоифадаги спортчиларни республика босқичига олиб келиш одатий ҳолга айланган. Шу боис чемпионатларимизда кучли спортчилар жуда кам, рақобат деярли йўқ. Спорт йўналишидаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун соҳада биринчи навбатда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш талаб этилади. А.Арипов бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоавий спорт мусобақаларини ўтказишни такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини киритсин.

Олимпия захирасидаги спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга, илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳим ҳисобланади. Спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тикланишига ёрдам берадиган, уларнинг саломатлиги ва жисмоний қобилиятига ижобий таъсир этадиган маҳаллий озиқ-овқатлар рўйхати ҳамда оптимал овқатланиш рационларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш лозим. Олимпия терма жамоалари спортчиларининг руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Чунки спортчининг руҳий тайёргарлиги, ўзига ишончи қанчалик кучли бўлса, албатта, натижа ҳам шунча яхши бўлади. Шу мақсадда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш лозим".

"Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларини ҳамда уларни ана шу мусобақаларга тайёрлаган мураббийларни ҳам рағбатлантиришни кенгайтирамиз.

Бунда олтин медал совриндорига – 3 минг доллар, тренерига – 2 минг доллар, кумуш медаль соҳибига – 2 минг доллар, тренерига 1 минг доллар, бронза медали учун – 1 минг доллар, тренерига – 500 доллар миқдорида мукофот пули берилади.

Бундан ташқари, нуфузли халқаро чемпионатлар ғолибларининг устозлари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвонлари билан тақдирланади.

Абдуҳакимов, Ишметов Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда спортни молиялаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиб, уни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш юзасидан таклиф киритсин.

Бунда ушбу жараённинг шаффоф бўлиши ҳамда сарфланган маблағларнинг натижадорлигига, иқтидорли спортчиларни тайёрлаган биринчи тренерларни ҳам моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилсин".