Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 11 июнь куни Истанбул шаҳридаги Шимолий Мармара автомагистралида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.Ҳ., унинг туркиялик турмуш ўртоғи ҳамда икки ойлик фарзанди ҳалок бўлди.
12 июнь куни эса Истанбулнинг Тузла туманида юз берган яна бир йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Н.М. оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этди.
Шунингдек, узоқ вақтдан буён онкологик касаллик билан курашиб келган 58 ёшли ватандошимиз ҳам Истанбулдаги шифохоналардан бирида ҳаётдан кўз юмди.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия билдирди.
Маълум қилинишича, консулхона томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан ҳамкорликда марҳумларнинг жасадларини Ватанга юбориш ҳамда бошқа зарур ташкилий ва ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли консуллик ёрдами кўрсатилмоқда.